“Vishwatma” (“Уч ғазабланган эркак-2”) – бу Ражив Рай суратга олган, Гулшан Рай продюсерлик қилган 1992 йилнинг ҳиндий тилидаги триллери. Кинокартинада Санни Деол, Насируддин Шоҳ, Чанки Пандей, Дивья Бхарти, Сонам, Жйостна Сингх суратга тушди.
Фильмда инсофли полициячи Прабхат ҳақида ҳикоя қилинади. Уни ҳукумат номидан даҳшатли жиноятчи Ажгар Журратни тутиб, ноқонуний бизнесига нуқта қўйиш учун Кенияга жўнатишади.
“Vishwatma” мусиқасини Вижу Шаҳ ёзди. “Saat Samundar” қўшиғи ўша йилнинг хитига айланди.
“Vishwatma” Райнинг “Tridev” (1989) блокбастеридан сўнг учинчи режиссёрлик иши бўлиб, аввал унинг давоми бўлиши режалаштирилганди.
Суратга олинган пайтда бу энг қиммат ҳинд ва Кенияда суратга олинган биринчи ҳинд фильми эди.
“Saat Samundar” қўшиғи Найробининг ўша пайтдаги энг оммабоп тунги клуби – “Bubbles Discothèque”да суратга олинди. Бу қўшиқ ҳалигача ҳиндлар орасида машҳур.
“Vishwatma” экранга чиққандан сўнг танқидчилар, хусусан, замонавий танқидчиларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлди, айниқса, сценарий ва жанг саҳналари мақталди. Кинокартина бутун дунё бўйича киноижарада 95 миллион фунт стерлингдан кўпроқ пул ишлаб, 1992 йилнинг энг кассабоп фильмлари орасида олтинчи фильм бўлди.
Бу фильм Чанки Пандей ва Дивья Бхарти учун Болливуддаги омадли старт майдончаси бўлди.
“Tridev” фильмининг мега-муваффақиятидан сўнг Ражив Рай учала бош қаҳрамон иштирокида бошқа жангари фильм ишламоқчи бўлиб, “Vishwatma”ни режалаштирган, фақат воқеалар жойини ўзгартириб, фильмнинг катта қисмини Кенияда суратга олмоқчи эди. У лойиҳага ўша актёрлар – Санни Деол, Насируддин Шоҳ ва Жеки Шроффни олиш ниятида эди. Лекин Жекининг ўғли Тайгер эндигина туғилган, астролог эса йил давомида хорижга чиқмасликни маслаҳат берганди. Шундай қилиб, ўз дўсти Сунил Шеттини фильмга олиш ҳақида ўйлаб кўргач, Рай Шроффнинг ролига бош қаҳрамонлардан бири сифатида Чанки Пандейни олишга қарор қилди.
Рай “Tridev”даги кўп актёрлар, хусусан, асосий ёвуз қаҳрамон сифатида Амриш Пуридан, шунингдек, Раза Мурод, Далип Тахил, Теж Сапру ва Дан Дханоани бу фильмда ҳам суратга олди. Асосий фарқлардан бири шуки, Шарат Саксена “Tridev”да салбий ролни ўйнаган бўлса-да, “Vishwatma”да ижобий ролни ўйнади.
“Vishwatma”да автомобилда қувиш саҳнаси Масаи Мара ёввойи табиат миллий қўриқхонаси очиқ текисликларида суратга олинди.
“Tridev” мусиқаси муваффақиятидан сўнг ҳамма Вижу Шаҳнинг бу фильмда ҳам ажойиб иш қилишини кутарди. Саундтреклар яхши қабул қилинди, 2 миллион нусхага яқин сотилди ва ўша йили Болливуднинг энг кўп сотилган саундтреклар альбоми рўйхатида еттинчи бўлди. Альбомнинг энг оммабоп қўшиғи - Ананд Бакши ёзган ва Садхана Саргам ижро этган “Saat Samundar Paar”. Унда “Pet Shop Boys”нинг “Heart” қўшиғидан парча ишлатилади.
Сажид Надьядвала 2014 йилдаги “Kick” фильми учун “Saat Samundar Paar” қўшиғи ҳуқуқини 1,5 крор рупийга сотиб олди. Бундан мақсад – марҳума биринчи рафиқаси Дивья Бхартига эҳтиром изҳор қилиш. “Kick” фильмида бу қўшиқ орқа фонда, Салмон Хон дискотекада рақс тушаётганда, янграйди.
Фильм экранга чиққач, эътиборга тушган бошқа қўшиқлар “Aankhon Mein Hain Kya”, “Dil Le Gayi Teri Bindiya” ва асосий трек бўлди. “Tridev” фильмидаги “Oye Oye — Tirchi Topi Wale” қўшиғи ижроси учун илк “Filmfare”ни қўлга киритган Сапна Мукхержи “Vishwatma”да иккита трекни ижро этди, аммо “Tridev”даги жозибани такрорлай олмади.
“Toofan” жуда ўзига хос трек чиқди.
Ҳамма қўшиқларнинг сўзларини Ананд Бакши ёзди.(с) КОМИЛА тайёрлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий